Xorazm ziyoratlari. Pahlavon Mahmud
Хоразм зиёратлари: Паҳлавон Маҳмуд Хоразмга сафаримиз давомида Хивада ҳам бўлиб, Ичонқалъани ҳам айландик. Машҳур шоир, файласуф, сўфий, кураги ерга тегмаган полвон Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини ҳам зиёрат қилдик. Паҳлавон Маҳмуд 1247 йилда туғилган, мўйнадўзликни отасидан мерос олган, аммо бутун шарқ мамлакатларини кезиб, катта мусобақаларда кураш тушиб, теридўзликдан кўпроқ даромад топган. Полвонлар ўзларига Паҳлавон Маҳмудни пир тутишган. Ҳозиргача Эрон курашчилари кураш тушишларидан олдин Паҳлавон Маҳмуд руҳига дуо қилишади. Полвон пир, Пирёйвали номлари билан машҳур бўлган Паҳлавон Маҳмуд 1326 йилда дунёдан ўтган ва ўз устахонасига дафн қилинган. Уламолар уни авлиё деб эълон қилишган. Қабри ҳамма зиёрат қиладиган муқаддас жойга айланиб кетган. 1700 йилларда Шоҳниёз хон томонидан кичикроқ мақбара қурилган бўлса, 1810 йилда Муҳаммад Раҳимхон ҳозирги маҳобатли мақбарани қурдирган. Унинг ўзи ҳам, яна бир қанча хонлар ҳам шу мақбарада дафн қилинган. Катта бир анҳор Паҳлавон Маҳмуд шарафига Полвонёп деб аталган. Хиванинг энг катта дарвозаси ҳам Полвон дарвоза деб аталади. Хоразмнинг турли шаҳар ва туманларидаги бир қанча кўчалар Паҳлавон Маҳмуд номи билан аталган. Унинг номида Тошкентда ҳам кўча бўлган. "Ўзбеккино" ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳақида “Афсонадаги ҳақиқат” номли бадиий фильм олиниши ҳақида хабар тарқатган эди ва фильм шу йил сентябрь ойида намойиш этилишини айтишган эди. Кўрамиз. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан намуналар: Эй дил, яна дилбарга асир тушдингми? Дилдори ситамгарга асир тушдингми? Алҳол, қутулолмай қўлидан биттасининг, Боз бир пари пайкарга асир тушдингми? *** Ҳарчандки, ишқдан гаҳи бегона эсам, Ошною ҳаловат била ҳамхона эсам, Бўлманг сира ҳайрон яна бир ҳур учраб, Аҳдим унутиб, кўйида девона эсам. *** Кимни қарама, катта гапиргай сўзни, Тортишни тилар гулдек ўзига кўзни. Ўз соям ила сўзлашаман мен туну кун, Кўрган каби ойинада гўдак ўзни. *** Қолдирма мени йўлимдан, эй олифта, Қўй, қилма мени шамол каби ошуфта. Йўлимга муаттар гул исини сочма, Бунда бари тупроқ ҳидига оғушта. *** Соф олтинман эл ичида ардоқли, Мис ё жез эмасман ялтироқ, алдоқли. Офтоб нуридек ўзимни соф қилганман, Бас, ойдек эмасман: ҳам совуқ, ҳам доғли. *** Бу чарх мудом фитна ўтини қўзғар, Бу чарх осойишинг бало бирла бузар, Бу чарх вафо-ла боғламас меҳр ипини, Бу чарх адоват қиличини тезлар. *** Ҳамма мени бир оғизда қилгай ғийбат, Тинчимни бузар бу ҳол, бўлар тоқ тоқат. Бу тоифа гоҳ яхши деяр, гоҳи ёмон, Чунки бир-икки фанда топибман шуҳрат. *** Ҳал қилса эди дунё ишини кучу жанг, Номард бошидан мард чиқарар эрди чанг. Дунё иши аммо мисоли нард ўйин: Номард фирибидан мард ҳоли бўлгай танг. *** Ким кўрнамагу Ҳақ бехабар бўлса — ёмон, Ориф киши унга баробар бўлса — ёмон. Эски экани либосни ҳеч айби эмас, Либоснинг ўзида айб агар бўлса — ёмон. Улуғларимизни Аллоҳ раҳматига олсин! Каримберди Тўрамурод.
Название:
Xorazm ziyoratlari. Pahlavon Mahmud
Категория:
Разное